Ўзбекистонда "Давлат тили тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилади
Тошкент. 22 октябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда "Давлат тили тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"Президентнинг "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги роли ва нуфузини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди (5850-сонли, 21.10.2019 й.). Фармонга мувофиқ, "Давлат тили тўғрисида"ги қонун лойиҳаси янги таҳрирда ишлаб чиқилади, илмий асосланган янги сўзлар ва атамаларни муомалага расмий равишда киритиш мақсадида атамалар бўйича комиссия тузилади", – дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, фармонига мувофиқ 21 октябрь "Ўзбек тили байрами куни" деб эълон қилинди.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Департаментнинг асосий вазифаларидан бири давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторинг олиб бориш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш ҳисобланади.
Шу билан бирга, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш бўйича концепция ва давлат дастури ишлаб чиқилади. Ҳужжатларда давлат тили софлигини сақлаш, уни бойитиш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш каби йўналишлар қамраб олинади.
Сурат манбаи: xs.uz