Ўзбекистонда деҳқон бозорларини реконструкция қилиш бўйича дастур қабул қилинди

Дата: 01:46, 30-03-2017.

Тошкент. 29 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва 2017-2019 йилларда улар ҳудудида замонавий савдо мажмуалари барпо этиш бўйича дастур қабул қилинди, деб хабар беради ўзбек ОАВ.

Дастур Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган.

Дастур деҳқон бозорлари ҳудудида замонавий савдонинг барча талабларига жавоб берадиган 3 қаватли гипермаркетлар (9), 2 қаватли супермаркетлар (28), 1 қаватли супермаркетлар (126) ва минимаркетлар (79), шунингдек, уларга туташ ҳудудларда автомобилларга мўлжалланган автотураргоҳлар барпо этишни кўзда тутади.

Шунингдек, дастур доирасида сэндвич-панеллардан кенг фойдаланган ҳолда енгил конструкцияли йиғиб-териладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотишга ихтисослашган савдо павильонлари қурилади.

Дастурда 59 та самарасиз ва зарар кўриб ишлаётган деҳқон бозорларини оптималлаштириш, кейинчалик уларнинг ҳудудида замонавий савдо ва озиқ-овқат объектлари қуриш режалаштирилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Дастурни амалга оширишга жами 746 млрд сўм, шундан 631,5 млрд сўми “Ўзмиллийбанк” маблағлари ва 81,5 млрд сўми тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари ҳамда тижорат банкларининг имтиёзли кредит ресурслари жалб этилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: