Ўзбекистонда деярли 100 зарар кўриб ишлаётган корхоналар молиявий соғломлаштирилади

Дата: 17:53, 26-09-2016.

Тошкент. 26 сентябр. ЎзТАГ – 2016 йилда “йўл хариталари”га мувофиқ 100 атрофида зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш кўзда тутилган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Дастур Давлат рақобат қўмитаси томонидан тегишли вазирлик, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда амалга оширилмоқда.

Қўмита маълумотларига кўра, корхоналарнинг қарийб 1,2 трлн сўмлик ички заҳираларини мобилизация қилиш, шу жумладан 963,0 млрд сўмлик дебитор қарзларини ундириш ва 212,0 млрд сўмлик қолдиқ тайёр маҳсулот сотиш орқали айланма маблағларини тўлдириш ва ишлаб чиқаришни ривожлантиришга йўналтирилади.  

Шунингдек, корхоналарнинг бюджет ва банклар олдидаги кредиторлик қарздорликларини молиявий соғломлаштириш ўтказилмоқда.

Корхоналарга замонавий технологияларни жорий қилган ҳолда ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш учун жами 1,3 трлн сўм инвестициялар, шу жумладан, 850 млрд сўм тижорат банкларининг кредит маблағларини жалб қилиш режалаштирилган.

“Йўл харитаси” дастурларидаги чораларнинг амалга оширилиши натижасида 2016 йил якунига қадар ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ўтган йилга нисбатан ўртача 25%га ошириш орқали, корхоналарнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини 4,0 трлн сўмга етказиш; $307 млндан ортиқ маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш ва ушбу корхоналарнинг 103 млрд сўм фойда олиши натижасида уларнинг ўртача рентабеллик даражасини 6%дан оширишга эришиш кўзда тутилган.

$1=3005,11 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: