Ўзбекистонда деярли 40 минг янги иш жойлари яратилди
Тошкент. 25 апрел. ЎзТАГ – 2017 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг мақсадли дастурларига мувофиқ 39,8 мингта иш ўринлари яратилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу маълумотлар Мeҳнат вазирлигининг кeнгайтирилган хайъати мажлисида келтирилди.
Бундан ташқари, аҳолини шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжалигида ўз-ўзини банд қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига эса 55,8 минг кишининг бандлиги таъминланди. Меҳнат бозорида эҳтиёж бўлган касбларга жами 2 минг нафар ишсиз қайта ўқитилиб, 1,2 минг нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.
Ҳисобот даврида иш қидираётган фуқаролар учун мақбул келадиган ишни қидириш муддатини қисқартириш мақсадида 247 та бўш иш ўринлари ярмаркасида иштирок этган 11,9 мингта иш берувчилар томонидан таклиф этилган бўш иш ўринларга 11,4 минг нафар иш қидираётган шахсга йўлланма берилди, қарийб 30 минг нафарига меҳнат, бандлик ва ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар берилди. Меҳнат бозорида аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож тоифалари бандлигини таъминлашга эътибор қаратилиб, заҳира қилинган (квоталанган) иш ўринларига 13,8 минг фуқаро жойлаштирилди.