Ўзбекистонда Diktant.uz акцияси бўлиб ўтади
Тошкент. 2 май. ЎзТАГ – 11 майда Ўзбекистонда саводхонлик бўйича Diktant.uz ёзма жамоатчилик акцияси бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Акция Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташаббуси билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги “Ягона интегратор UzInfocom” МЧЖ ҳамда Ўзбекистондаги бир қатор университет, институт, ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
У ўзбек тилининг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлаш, она тилини асраб-авайлаш, унинг нуфузини янада ошириш мақсадида уюштирилмоқда.
Diktant.uz акцияси – аҳоли ўртасида саводхонликни барча учун умумий нормага айлантиришга эришиш, шунингдек, ёшларнинг тил маданияти масалаларида ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳамда ўзбек тили таълимини такомиллаштиришга қаратилган ижтимоий акция ҳисобланади.
Мазкур акцияда иштирок этиш ёши чегараланмаган бўлиб, унда ўзбек тилида ёзишни биладиган барча хоҳловчилар диктант ёзиш йўли орқали имло саводхонлиги бўйича ўз билимларини текшириб кўриш имкониятига эга бўлади. Акцияда иштирок этиш истагида бўлган хоҳловчилар Diktant.uz сайтида олдиндан рўйхатдан ўтишлари мақсадга мувофиқ.
Акция 2018-йилнинг 11-май куни соат 15:00 да бир пайтнинг ўзида Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти,
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент ахборот технологиялари университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Самарқанд давлат университети, Андижон давлат университети, Қарши давлат университети ва Термиз давлат университетларида ўтказилади.
Сурат манбаи: http://www.darakchi.uz/ru/49329


