Ўзбекистонда диний сабабларга кўра қамоққа ташланган шахсларнинг оилалари колониялардан мактублар ва телеграммалар ола бошлади

Дата: 17:42, 13-09-2017.

Тошкент. 13 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда диний сабабларга кўра қамоққа ташланган шахсларнинг оилалари колониялардан мактублар ва телеграммалар ола бошлади, деб хабар беради centralasian.org.

Уларда жазони ўташ муассасаларнинг маъмуриятлари шахсларнинг жазо муддати тугаш саналарини хабар қилиб, хатлар эгаларини қамоқдаги қариндошларини олиб кетишни сўрашмоқда.

Бу ҳақида андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу амалиёт Ўзбекистонда илк маротаба кузатилмоқда.

“Мен бу оилаларнинг бири билан шахсан гаплашдим. Жазони ўташ муассасаси маъмуриятидан олинган мактубда 2000 йилдан буён қамоқ муддатини ўтаётган ўғлининг жазо муддати тугаш санаси хабар қилинган. Ушбу мактубда, колония маъмурияти ота-оналардан бу ерга келиб, ўғилларини қамоқдан олиб кетишни сўраган. Бу йигит 27 сентябрда Андижонга қайтиши керак. Бундан ташқари, менга Андижонда колониялардан хат олган бир неча бундай оилалар борлиги ҳақида хабар беришди”, - деб таъкидлади Зайнобиддинов.

Эслатиб ўтамизки, олдинроқ ўзбек ҳукумати “қора рўйхат”га кирган мусулмонларнинг ишларини қайта кўриб чиқа бошлагани ҳақида хабар қилинган эди. Маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, диний-экстремистик ҳаракатлар аъзолари рўйхатига киритилган 17 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароларидан 16 минг атрофидаси “нормал ҳаётга қайтган”.

Янгилик билан ўртоқлашиш: