Ўзбекистонда дори воситалари тўғрисидаги янги таҳрирдаги қонун лойиҳасининг муҳокамаси давом этмоқда

Дата: 08:04, 04-06-2015.

Тошкент. 4 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик (қуйи) палатаси депутатлари томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш давом этмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агенлиги (ЎзТАГ).

Парламент қуйи палатасидан хабар қилишларича, уни такомиллаштириш билан меҳнат ва ижтимоий масалалар бўйича қўмита қошида ташкил этилган гуруҳ ишламоқда.

Муҳокамаларда аҳолини дори воситалари билан таъминлашда уларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш, хусусий фармацевтика компаниялари фаолияти самарадорлигини ошириш, улар йўлида мавжуд тўсиқларни бартараф қилиш, улар учун кенг ва тенг имконятлар яратиш масалари устиворлиги таъкидланди.

Қонун лойиҳасиннг янги таҳририда дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш механизмларини халқаро стандартлар талаби билан уйғунлаштириш масалаларини акс эттириш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, амалдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонун 1997 йилда қабул қилинган. Ўша пайтда республикада атига 2 фармацевтика корхонаси фаолият кўрсатиб, 30га яқин номдаги дори воситалари ишлаб чиқарар эди.

Ҳозирда Ўзбекистонда фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган корхоналар сони 149 етиб, улар томонидан 1482 номдаги дори воситалари ишлаб чиқарилаяпти, шунингдек, дори воситалари сифатини назорат қилиш тизимида 8 тиббий маҳсулотларни сертификатлаштириш органи, 15та назорат-таҳлил лабораторияси фаолият кўрсатмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: