Ўзбекистонда е-спорт бўйича Electronic Sports World Cup доирасидаги навбатдаги республика чемпионати бўлиб ўтади
Тошкент. 13 август. ЎзТАГ – 16 августда Ўзбекистонда Electronic Sports World Cup доирасидаги е-спорт бўйича навбатдаги республика чемпионати - Zo'r-Zo'r UCG 2014 ўйинлари бўлиб ўтади, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Чемпионат ташкилий қўмитаси раҳбари Александр Сучковнинг сўзларига кўра, жорий йилда чемпионат доирасида икки ўйин тури – “FIFA 14 якка ўйини – футбол симулятори” ва “Dota AllStar 5x5 жамоавий ўйини” бўйича мусобақалар ўтказилади.
Чемпионатнинг ҳудудий танлов босқичлари 16-17 август кунлари Бухорода бошланади. Кейинчалик ўйинлар 23-24 августда Самарқандда, 6-7 сентябрда Фарғонада ва 14-15 сентябрда Тошкентда бўлиб ўтади.
Миллий финал эса 26 сентябр куни анъанавий Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида ўтказилади, ғолибларни тақдимлаш маросими 27 сентябр кунига мўлжалланган.
Тадбирга бағишланган матбуот анжуманида айтилишича, виртуал футбол бўйича FIFA 14 мусобақалари ғолиби мамлакат шарафини Парижда бўлиб ўтадиган е-спорт бўйича Жаҳон кубоги – Electronic Sports World Cup (ESWC 2014) мусобақаларида ҳимоя қилади. Ўзбекистон ушбу мусобақада илк маротаба қатнашади.
Чемпионатда иштирок этиш учун рўйхатдан мусобақанинг Фейсбукдаги расмий саҳифасида ўтиш мумкин. Чемпионатга доир батафсил маълумотлар www.infocom.uz сайтида ҳам мавжуд.
Эслатиб ўтамизки, е-спорт бўйича Ўзбекистоннинг энг юқори натижаси AIMAG 2013 IV Осиё ўйинларида (Жанубий Корея) қўлга киритилган олтин ва кумуш медаллар бўлган. Унда ўзбекистонликлар умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринн эгаллаган эдилар.