Ўзбекистонда ЭИЗ иштирокчиси ўз маҳсулотининг камида 25% экспортга жўнатиши керак
Тошкент. 27 декабр. ЎзТАГ – Эндиликда Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштиришнинг шарти сифатида фаолият бошланганидан кейин иккинчи молиявий йили якунларига кўра 2 йил давомида йиллик ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 25%дан кам бўлмаган, кейинги йилларда 50%дан кам бўлмаган миқдорда экспорт қилиш белгиланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Мазкур шартлар бажарилмаган тақдирда, тадбиркорлик субъектининг эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси мақоми ҳамда аввал тақдим этилган имтиёзлар бекор қилинади. Келтилган ўзгартишлар Ўзбекистон президентининг “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер майдонлари ажратиш, туман (шаҳар) ҳокимининг ер майдонларини ажратиш тўғрисидаги алоҳида қарорисиз, маъмурий кенгашларнинг инвестиция лойиҳаларини танлаш ва амалга ошириш учун эркин иқтисодий зоналар ҳудудида жойлаштириш тўғрисидаги баённомалари билан расмийлаштирилади.
Шунингдек, қарор билан амалга оширилаётган лойиҳаларни кўриб чиқиш ва бизнес-режалар ёки техник-иқтисодий асосномалари бўйича хулосалар бериш муддатлари, эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан божхона имтиёзлари қўлланган ҳолда импорт қилинган товарларнинг божхона расмийлаштируви товарлар рўйхатини ҳар томонлама экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича, ишлаб чиқаришни ЭИЗ ҳудудида жойлаштиришга инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш муддатлари ҳам белгилаб берилди.
Бундан ташқари, қарорга мувофиқ, ЭИЗ ҳудудида инвестиция аризаларини кўриб чиқишнинг электрон имзодан фойдаланган ҳолда электрон тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳам кўзда тутилган.
Инвестиция лойиҳаларини кузатиб бориш тизими ҳам электрон тарзда юритилади, бу эса ишлаб чиқариш қувватларини ўз вақтида ишга тушириш, маҳсулот экспорти, янги иш жойлари яратиш, шунингдек, ЭИЗ иштирокчилари томонидан инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан тезкор назорат ўтказишга имкон беради.
Сурат манбаи: http://uzchinassn.com