Ўзбекистонда электрон дўконлар орқали давлат харидлари қонун йўли билан мустаҳкамланди

Дата: 16:31, 02-04-2018.

Тошкент. 2 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда электрон дўконлар орқали давлат харидлари қонун йўли билан мустаҳкамланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу меъёрлар “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган бўлиб, Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилди ва маъқулланди.

“Қонунда давлат харидларини давлат томонидан тартибга солиш нормалари акс эттирилган, давлат харидлари субъектлари қайд этилган, давлат харидлари жараёнига қўйиладиган умумий талаблар белгилаб қўйилган. Электрон дўкон орқали харид қилиш тартибининг киритилиши муҳим янгилик ҳисобланади. Қонунда электрон дўконнинг ишлаши ва ундан фойдаланиш тартиби келтирилади, шунингдек харидларни аукцион, танлов ва тендер орқали амалга ошириш, харид комиссияси фаолияти белгиланган. Қонунда товарларни (ишларни, хизматларни) ягона етказиб берувчидан харид қилиш масалаларини тартибга солувчи нормалар ҳам белгилаб берилган”, деб таъкидланади Сенат матбуот хизмати хабарида.

Ушбу қонун нормаларига мувофиқ харид қилиш тартиб-таомиллари устидан мониторинг ўтказиш ҳамда жамоатчилик ва давлат назоратини амалга ошириш, шунингдек давлат харидларига доир шикоятлар, низолар ва келишмовчиликларни ҳал қилиш механизми белгиланган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сурат манбаи: http://khabar.kz/ru/news/ekonomika/item/93746-provodit-goszakupki-tsentralizovanno-planiruyut

Янгилик билан ўртоқлашиш: