Ўзбекистонда “Электрон парламент” дастурининг якуний версияси такомиллаштирилмоқда

Дата: 17:32, 25-04-2017.

Тошкент. 25 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “Электрон парламент” комплекс дастурининг якуний версияси такомиллаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

24 апрел куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган “давра суҳбати” ушбу масалага бағишланди.

Давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад мутахассис ва экспертлар иштирокида парламентаризмни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш ҳисобига вакиллик органлари фаолиятининг шаффофлиги ва самарадорлигини янада ошириш йўлларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Тадбир давомида парламент палаталари расмий веб-сайтларининг техник ва хизмат кўрсатиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилиниб, сайловчилар билан самарали мулоқот ўрнатиш мақсадида уларни модернизация қилиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Шунингдек, “Электрон парламент” комплекс дастури лойиҳасининг муҳим йўналишлари бўйича, жумладан вакиллик хокимияти органлари корпоратив маълумотлар узатиш тармоғини, фойдаланилаётган электрон ҳужжат айланиши тизимини такомиллаштириш ҳамда парламент маълумотлар базаларини, электрон кутубхоналарини шакллантириш юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: