Ўзбекистонда электрон савдо тартиблари муҳокама қилинмоқда
Тошкент. 10 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида электрон савдо тартибларини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси муҳокамаси бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш марказидан хабар қилишларича, қарор лойиҳаси Қонунчилик актлари таъсирини баҳолаш тизимида (ҚАТБТ) муҳокамага қўйилган. Хужжат иқтисодиёт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.
Муҳокаманинг ҳар бир иштирокчиси муҳокама қилинаётган хужжатнинг исталган моддасига изоҳ ёзиши мумкин. Муҳокама якунлангач, барча олинган изоҳлар қонунни тайёрлаш учун масъул орган томонидан таҳлил этилиб, энг эътиборли таклифлар лойиҳанинг янги таҳририда ҳисобга олинади.
Қонунчилик актлари таъсирини баҳолаш тизимида изоҳлардаги энг ёққан фикрларни қўллаб-қувватлаш имконияти мавжуд. “Қўллаб-қувватлаш” тугмачаси изоҳга ошиқча муносабат билдирмасдан уни белгилашга имкон беради.