Ўзбекистонда Электрон таълим маркази олдига яна икки вазифа қўйилди

Дата: 17:45, 12-01-2016.

Тошкент. 12 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда таълим муассасаларида Электрон таълим маркази олдига яна икки вазифа қўйилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ахборот технологияларини ривожлантириш вазирлигидан маълум қилишларича, бу Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2016 йил 6 январда қабул қилиган қарорида акс этган.

Хужжатга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида таълим муассасаларида Электрон таълимни жорий этиш марказини ташкил этиш тўғрисида” 2012 йил 25 июлдаги 228-сон қарорига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Эндиликда марказ “Таълим” ахборот тизимлари мажмуасининг олий таълим қисмини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайтини такомиллаштиришга ҳам масъул.

Бундан ташқари, марказ манзили ҳам ўзгарди. Энди у Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим тизими педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш бош илмий-методик маркази биносида жойлашади.

Шунингдек, марказ таркиби ҳам ўзгартирилди: ходимлар умумий сони ўзгаришсиз қолди (26 киши), бошқарув ходимлари сони эса 14тадан 21тагача кўпайтирилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: