Ўзбекистонда электрон тижоратининг ривожланиши жадаллаштирилади

Дата: 17:49, 15-05-2018.

Тошкент. 15 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда электрон тижоратининг ривожланишини жадаллаштириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, эндиликда ўзбек интернет-дўконларига тўловни нақд пул билан қабул қилишга, юридик шахсларга эса интернетдаги тўловларни корпоратив карталар орқали қабул қилишга рухсат берилади.

“Қонун ҳужжатларига мувофиқ электрон тижорат иштирокчилари томонидан хизматлар кўрсатиш жараёнида ахборот тизимлари томонидан шакллантириладиган, битимлардаги томонларни идентификациялаш имконини берувчи электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар ва бошқа усуллар товарлар (хизматлар) учун тўловларни тасдиқловчи квитанциялар, талонлар, чипталар ва бошқа ҳужжатларга тенглаштирилади”, - дейилади ҳужжат матнида.

Таъкидланишича, 2018 йил 1 июлдан бошлаб электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни етказиб бериш бўйича хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига учинчи шахслар (товарларни сотувчилар) учун тўловларни кейинчалик уларни белгиланган тартибда инкассация қилиш шарти билан қабул қилиш ҳуқуқи берилади. Шунинингдек, электрон тижорат орқали сотиладиган товарлар (хизматлар) учун уларнинг умумий қийматидан мажбурий 15%ли олдиндан тўлов тўлаш талаби бекор қилинади.

Боз устига, қарорга мувофиқ, электрон тижорат орқали реализация қилинган $3000гача бўлган товарлар (хизматлар)ни экспорт қилиш Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилмасдан ва юк божхона декларацияси тўлдирилмасдан почта хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Тармоқни рағбатлантириш мақсадларида Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестрини яратиш режалаштирилмоқда. Унга товар (хизмат)ларни электрон тижорат орқали сотишдан олган даромадлари умумий сотилган товарлар (хизматлар) ҳажмининг камида 80%ини ташкил этувчи юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар киритилади. Миллий реестр аъзолари 2% Ягона солиқ тўлайдилар.

Сурат манбаи: https://www.entrepreneur.com/article/290609

Янгилик билан ўртоқлашиш: