Ўзбекистонда “электрон ҳукумат”ни жорий этиш муҳокама қилинмоқда

Дата: 09:19, 01-05-2014.

Тошкент. 1 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда муассалараро ва муассасавий ахборот тизимлари мажмуаларини интеграция қилиш бўйича миллий тизимни яратишни тезлаштириш зарур. Бу ҳақида “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш доирасида айтилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Тошкентдаги Алоқа тарихи музейида йиғилган мутахассислар “электрон ҳукумат”нинг жорий қилиниши давлат органларининг корпоратив ва локал тармоқларини модернизация қилиш билан боғлиқлигини таъкидлашди.
Бундан ташқари, у давлат хизматларининг интерактивлигини оширади, уларга кетадиган вақт ва жараёнлар, молиявий харажатларни қисқартиради.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиққан UNICON.UZ маркази мутахассисларининг сўзларига кўра, лойиҳани тайёрлаш жараёнида АКТ билан боғлиқ миллий қонунчилик инвентаризациядан ўтказилди ҳамда Австрия, АҚШ, Германия, Корея Республикаси, Япония каби мамлакатларнинг ушбу соҳадаги қонунлари ҳам ўрганилди.
Қонунда давлат хизматларининг турлари, уларга талаблар, уларни баҳолаш меъёрлари, давлат органлари масъул шахсларининг жавобгарлиги каби масалалар акс этади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: