Ўзбекистонда энг яхши футболчи ва мураббийни аниқлаш бўйича овоз бериш бошланди
Тошкент. 23 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Футбол Федерацияси ОАВ вакиллари орасида 2014 йилнинг энг яхши мураббийи ва футболчисини аниқлаш бўйича сўровнома бошлади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Сўровномада Ўзбекистон ва чет элдаги оммавий ахборот воситаларида ишлайдиган журналист, колумнист ва ньюсмейкерлар, шунингдек, спорт блогерлари иштирок этишлари мумкин. Техник ходимлар (режиссёр, оператор ва ҳ. к.) иштирок эта олмайди. Шунингдек, футбол клублари ва терма жамоаларнинг матбуот котиблари ҳам овоз бериш жараёнида қатнашмайди. Ҳар бир журналист 3 нафар мураббий ва 3 нафар футболчини мукофотга лойиқлик даражаси бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларга қўйиб чиқади”, - деб таъкидлашди Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот хизматида.
Баллар қуйидаги тартибга берилади: 1-ўрин учун 3 балл, 2-ўрин учун 2 балл ва 3-ўрин учун 1 балл. Йилнинг энг яхши мураббийи ва футболчисига овоз бериш асносида журналистлар қуйидаги тўрт асосий меъёрга эътибор қилиш зарур бўлади. Булар якка ва жамоавий ғалабалар, маҳорат ва Fair Play, танланган шахс ва унинг атрофдагиларга таъсири.


