Ўзбекистонда енгил саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланди

Дата: 17:02, 18-09-2019.

Тошкент. 18 сентябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда енгил саноатни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Президентнинг 2019 йил 16 сентабрдаги "Енгил саноатни янада ривожлантириш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 4453-сонли қарори қабул қилинди", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, қарорда 2020-2025 йилларга мўлжалланган бозор талабидан келиб чиққан ҳолда хом ашёни чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматга эга тўқимачилик, тикувчилик-трикотаж, чарм-пойабзал ва мўйна маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишнинг мақсадли параметрлари тасдиқланди.

Шунингдек, 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб тери ярим тайёр маҳсулотни божхона чегараси орқали олиб чиқишда экспорт қилинадиган маҳсулот қийматидан 10% миқдорида йиғим ундирилади; пахта ипини божхона чегараси орқали олиб чиқишда ҳар бир килограмм экспорт қилинадиган ип учун 0,01 доллар миқдорида йиғим ундирилади.

2020 йил 1 январдан бошлаб тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари экспорти улушига эга бўлган корхоналар 2023 йил 1 январгача бўлган муддатга мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилади; тўқимачилик, тикувчилик-трикотаж, чарм-пойабзал ва мўйна саноати корхоналарининг даромад солиғи бўйича солиқ солинадиган база 7 йил давомида замонавий тозалаш ва канализация иншоотларини қуриш харажатлари суммасига тенг; "Ўзтўқимачиликсаноат" ва "Ўзчармсаноат" уюшмаларининг хорижий маслаҳатчилари жисмоний шахслардан олинадиган даромад бўйича белгиланган ставканинг 50% миқдорида солиқ тўлайди.

Бундан ташқари, қорамолларни сўйиш бўйича замонавий автоматлаштирилган комплексларни ишга туширувчи ташкилотлар, терини қайта ишлаш корхоналари 2023 йил 1 январга қадар ер солиғини тўлашдан озод этилади.

 

Сурат манбаи: advantex.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: