Ўзбекистонда ЎЭОАВМА “Медиа-кунлар” акцияси бўлиб ўтади

Дата: 11:19, 14-09-2015.

Тошкент. 14 сентябр. ЎзТАГ – 15 сентябрдан бошлаб Ўзбeкистон Элeктрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси “Медиа-кунлар” акциясини бошлайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ЎЭОАВМАдан хабар қилишларича, биринчи бўлиб нодавлат ОАВ ижодий гуруҳлари учун “медиа-кемп” тадбири ўтказилади. Тренинглар нодавлат ОАВ таҳририятлари даромадлилигини ошириш, Ўзбекистон туристик салоҳиятини илгари сурувчи контент яратиш, ахборот ва ёшлар кўрсатувларини ижодий ёритиш кабиларга бағишланади.

Ўзбекистонда нодавлат телерадиоузатувнинг профессионал даражасини ошириш мақсадларида Тошкентга АҚШ, Чехия, Литва, Россиядан тренерлар таклиф этилган.

“Медиа-кунлар” дасутрига “Миллий журналистика ривожининг истиқболлари” доира суҳбати ҳам кирган бўлиб, унда ЎЭОАВМА раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари, давлат органлари вакиллари ва халқаро экспертлар қатнашадилар.

Суҳбат давомида ОАВ соҳасидаги қонунчилик ташаббуслари кўриб чиқилади. Шунингдек, “Миллий журналистика ривожи истиқболлари: назария ва амалиёт” номли халқаро конференция ҳам бўлиб ўтади. Ундан кўзланган мақсад ОАВ ривожлантириш, халқаро стандартларга жавоб берувчи медиа-муҳитни шакллантиришдир.

Ташаббус якунида ўқув “медиа-кемпи” иштирокчилари тренинглар доирасида яратилган лойиҳаларини тақдим этадилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: