Ўзбекистонда эркин кураш бўйича халқаро турнир ўтказилади

Дата: 10:25, 20-11-2015.

Тошкент. 20 ноябр. ЎзТАГ – 21-22 ноябрда Навоий шаҳрида 1998-2000 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида эркин кураш бўйича V анъанавий халқаро турнир ўтказилади. Мусобақа буюк шоир, муатафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий хотирасига бағишланган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Мусобақаларда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистондан 300 атрофида спортчилар иштирок этади. Мамлакат шарафини турнирда жорий йилда қитъа ва жаҳон биринчиликларининг совриндорлари бўлган энг кучли курашчилар ҳимоя қилади”, - деб таъкидлашди Ўзбекистон Спорт курашлари уюшмаси матбуот хизматида.

Ўзбек термаси таркибида Сараеводаги ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати кумуш совриндори Ҳасанбой ва Ҳусанбой Раҳимовлар (Навоий), Осиё чемпионати ғолиблари Рустамбек Жўраев (Сирдарё), Аббос Раҳмонов (Навоий), Ислом Илхомов (Навоий), Ғулом Абдуллаев (Хоразм), Бунёд Тожибоевлар (Тошкент) бор.

Турнир Бирлашган кураш дунёси шафелигида ўтказилади. 21 ноябрда 42, 50, 58, 69, 85 кг, 22 ноябрда 46, 54, 63, 76, 100 кг вазн тоифаларидаги ғолиблар аниқланади.

“Мусобақалар бешинчи марта ўтказилаётганлигини ҳисобга олган ҳолда, ташкилотчилар барча иштирокчи ва мухлислар учун бир неча кутилмаган совғаларни тайёрлаб қўйдилар. Турнир бошланишидан бир кун олдин Ўзбекистон термасининг бош тренери Александр Недорезов, 2015 йилги жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби Ихтиёр Наврўзов, Ҳасанбой ва Ҳусанбой Раҳимовлар маҳорат дарслари ўтказадилар”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Спорт курашлари уюшмаси бош котиби, UWW инструктори Константин Михайлов ҳакамлар учун семинар уюштиради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: