Ўзбекистонда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга қарши чоралар қаттиқлаштирилади

Дата: 17:31, 03-07-2017.

Тошкент. 3 июл. ЎзТАГ – Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг олдини олиш чораларини кўрмаслик учун жавобгарлик белгиланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилган қонун лойиҳасида кўзда тутилмоқда.

“Ер қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликнинг кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига асосан мавжуд ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш, шу жумладан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг олдини олиш чораларини кўрмаслик, ўзбошимчалик билан қурилиш қилиш, ер бериш тартибини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган қонун лойиҳаси қонун лойиҳаси табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, хусусан “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонунларни янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, ер ости бойликларидан фойдаланиш ва айниқса фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг белгиланган тартибини бузганлик учун юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлашга қаратилгандир.

Қонуннинг қабул қилиниши ер ости бойликларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш соҳасида юзага келадиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш имконини беради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: