Ўзбекистонда ерни хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда

Дата: 12:36, 28-02-2019.

Тошкент. 28 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ўтказилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ҳужжат Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган.

Ҳужжат фойдаланиш ёки эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ер участкаларида жойлашган юридик шахслар томонидан хусусийлаштирилаётган ёки уларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган бино ва иншоотлар, саноат инфратузилмаси объектлари, шунингдек уларга туташ ҳудудлардаги ер участкалари, Ўзбекистон фуқароларига умрбод мерос эгалик ҳуқуқи белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган якка тартибдаги уй-жой қурилиши ва турар-жойига хизмат кўрсатиш учун бериладиган ер участкалари, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги қошидаги Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига тақдим этилган яшаш учун яроқсиз уй-жойлари мавжуд бўлган ҳудудларни хусусийлаштириш тартибларини белгилаб беради.

Шунингдек, хусусийлаштириш мумкин бўлмаган ер участкалари ҳам белгилаб берилган. Булар ҳудудида давлат мулкига тегишли бўлган хусусийлаштирилмайдиган объектлар ва (ёки) устав фондида хорижий капиталнинг улуши 50% ва ундан ортиқ миқдорда бўлган корхоналар бўлса, табиатни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, рекреацион ва тарихий-маданий мақсадларда, шунингдек ўрмон ва сув ресурслари, шу жумладан каналлар ва бошқа сув объектларининг қирғоқ зоналари таркибига кирувчи ерлар бўлса, уларга нисбатан суд ишлари олиб борилаётган ер участкалари (тегишли қарор кучга киргунга қадар) кабилардир.

Хорижий давлатлар фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва хорижий юридик шахсларга ер учесткаларини хусусийлаштиришда чекловлар ўрнатилган.

Бўш турган ер участкаларини хусусийлаштириш “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида онлайн-аукцион орқали амалга оширилади.

Сурат манбаи: ca-news.org

Янгилик билан ўртоқлашиш: