Ўзбекистонда эшитишда нуқсони бор шахслар ҳам тез ёрдамни чақириш имкониятига эга бўладилар

Дата: 14:31, 30-10-2018.

Тошкент. 30 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда эшитишда нуқсони бор шахслар ҳам тез тиббий ёрдам бригадасини ўзгалар ёрдамисиз чақириш имкониятига эга бўладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида республика Адлия вазирлиги ўтган ҳафта қабул қилинган муҳим қонунчилик ҳужжатлари, шу жумладан, “Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига бағишланган брифингда маълумот берди.

Хабар қилинишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган. Тез тиббий ёрдам хизмати 2020 йилдан бошлаб авиация техникаси билан жиҳозланади.

2019 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳрида, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб республиканинг қолган ҳудудларида тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича инновацион имкониятларга эга автоматлаштирилган тизим яратилади.

“У тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган кишиларнинг турган жойини телефон (мобил) алоқаси орқали автоматик равишда аниқлашга, шунингдек, тиббий ёрдамни мобил иловалар орқали чақиришга имкон беради, шу жумладан, имконияти чекланган шахслар учун ҳам”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, тез тиббий ёрдам чақируви амалга оширилган сўнг, у 30-40 дақиқа давомида белгиланган жойга етиб келиши зарур.

Сурат манбаи: http://alau.kz

Янгилик билан ўртоқлашиш: