Ўзбекистонда ЕТТБнинг кичик бизнес учун минтақавий дастури ишга туширилди
Тошкент. 7 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Банклари ассоциациясида Европа Иттифоқининг кўмагида ЕТТБнинг Ўзбекистондаги минтақавий лойиҳасининг (RSBP) расмий амалиётга жорий этиш маросими бўлиб ўтди. Маросим доирасида “Ўзбекистонда молиявий секторни рақамлаштириш” мавзусида панел мунозараси ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Банклари ассоциацияси маълумотига кўра, RSBP лойиҳасининг асосий мақсади, кичик бизнес корхоналарини молиялаштириш шунингдек, уларга хизмат кўрсатишнинг бошқа соҳаларига ноу-хауларни ва Марказий Осиё минтақасида кичик ва ўрта бизнес корхоналари учун молиявий хизматларни тақдим этишнинг илғор тажрибаларини жорий этишга қаратилган.
Бу кичик бизнес корхоналарини молиялаштириш соҳасида ЕТТБнинг кўникмаларини доимий тақдим этиш ва тажриба алмашиб бориш, Марказий Осиё давлатларининг кичик бизнес корхоналарини молиялаштириш соҳасида фаолият юритувчи қатнашчилари учун тажриба ва кўникмаларни алмашиш ва тақдим этишлари учун мўлжалланган платформани яратиш, Марказий Осиё минтақасидаги молиявий ташкилотлар учун доимий семинар ва тренинг ўтказиб бориш кабилар ёрдамида амалга оширилади.
Турли мавзулардаги семинар ва тренинглар доимий тарзда ўтказиб борилиши назарда тутилган. Янада кенгроқ аудиторияни қамраб олиш учун эса, масофавий маъруза ва дарслар ташкиллаштирилади.
RSBP лойиҳаси, шунингдек, молиявий институтларга тизимлаштирилган электрон тарзда ЕТТБ тажрибасидан фойдаланишларида кўмак беради.
Сурат манбаи: http://cfts.org.ua/articles/chto_govorili_ob_investitsiyakh_v_infrastrukturu_na_ezhegodnoy_vstreche_ebrr_816