Ўзбекистонда етти “Ягона дарча” марказлари генераторлар билан жиҳозланди
Жиззах. 30 сентябр. ЎзТАГ – Жиззах вилоятининг 7 туман марказидаги “Ягона дарча” марказларига тадбиркорларга узлуксиз хизмат кўрсатиш учун бензинда ишлайдиган электргенераторлар ўрнатилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Акция Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда БМТ Тараққиёт Дастури “Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш/2-босқич” қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилди.
Мирзачўл туман ҳокимияти қошидаги “Ягона дарча” маркази раҳбари Абдусаттор Шаббозовнинг таъкидлашича, марказга ўрнатилган бензинда ишлайдиган электргенератор эса иш хонасида ёруғлик бўлиши, 5та компьютер, принтер ва сканер ускуналарининг мутассил ишлашини таъминлайди. Бу эса бизга вақтинча электр қуввати ўчган ҳолатда ҳам ўз хизматларимизни узлуксиз амалга ошириш ва ҳужжатларни расмийлаштиришда жуда катта қулайлик яратади.
Бензинда ишлайдиган электргенераторлар билан Мирзачўл, Арнасой, Зафаробод, Фориш, Ғаллаорол, Бахмал ва Зомин туманлари “Ягона дарча” марказлари таъминланди. Ушбу марказларда, шунингдек, замонавий LED чироқлари ўрнатилди.
Эслатиб ўтамизки, жорий йилнинг бошидан бери Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида туман тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида яратилган 194 та “Ягона дарча” марказлари ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирда улар орқали 16 турдаги давлат хизматлари кўрсатилиши кўзда тутилган бўлиб, фуқаролар тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур рухсатномаларни олиши мумкин.