Ўзбекистонда Европа цирк мактаби усталари томоша кўрсатадилар

Дата: 10:34, 18-05-2015.

Тошкент. 18 май. ЎзТАГ – 21 майда Тошкентда Франция, Германия ва Ўзбекистон кўча цирки артистлари иштирокидаги “Очиқ осмон остида цирк” номли ноёб лойиҳа бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Лойиҳа Франция ва Германиянинг Ўзбекистондаги элчихоналари, Тошкентдаги Гёте-институт томонидан “Ўзбекцирк”республика бирлашмаси кўмагида амалга оширилмоқда.

Германия элчихонасидан хабар беришларича, ушбу қўшма лойиҳа доирасидаги Тошкент, Фарғона ва Андижонда бўлиб ўтадиган цирк томошалари Елисей шартномаси асосида ташкил этилмоқда.

Томошаларда Франциялик (Хлое Мура, Марио Колле ва Матье Ибон) ва Германиялик (Кира Паас и Андерс Йенсен) артистлар, шунингдек, Тошкент цирки артистлари қатнашадилар. Томошабинларга очиқ осмон остида турли чиқишлар намойиш қилинади.

Масалан, Тошкентда “SIRK.UZ” номли улкан томоша 21 майда “Ўзбекцирк” биноси олдидаги майдонда бўлиб ўтади.

Бундан ташқари, 23 майда Фарғонанинг Қиргули шаҳарчасидаги “Кимёгар” маданият ва истироҳат паркида уч мамлакат цирк артистлари иштирокида қўшма томошалар, 24 майда эса Андижон шаҳрида А.Навоий номидаги маданият боғида ҳам катта томошалар уюштирилади.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида Франция ва Германия артистлари пойтахтдаги Республика эстрада-цирк коллежи ўқувчилари учун маҳорат дарслари ўтказадилар.

Эслатиб ўтамизки, 2003 йилда Елисей шартномаси имзоланганлигининг 40 йиллик юбилейи муносабати билан Франция ва Германия ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш мақсадларида учинчи мамлакатлардаги маданий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича Жамғарма ташкил этилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: