Ўзбекистонда Фарғонанинг туристик бренд логотипи учун конкурс эълон қилинди
Тошкент. 31 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Фарғонанинг туристик бренд логотипи учун конкурс эълон қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Давлат туризм қўмитаси матбуот хизматига асосланган ҳолда.
Муассаса маълумотларига кўра, вилоятининг логотипи ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ очиб бериши зарур бўлиб, қатнашувчилардан аризалар 28 февралгача қабул қилинади.
Вилоят турбренди логотипи ўзига хослик, барча учун тушунарли бўлишлик, ҳудуднинг бой тарихи ва маданиятини акс эттириш, вилоятнинг туристик, иқтисодий ва сармоявий салоҳиятини очиб бериш каби кўрсаткичлар бўйича баҳоланади.
Конкурсга келган ишлар www.uzbektourism.uz сайтида халқ томонидан овоз бериш орқали ҳам баҳоланади.
Шунингдек, танлаб олинган энг оригинал логотиплар Интеллектуал мулк агентлиги экспертизасидан ҳам ўтиши керак бўлади.
Халқ овоз бериши орқали 1, 2, 3-ўринларни олган логотиплар апрель ойида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида эълон қилинади ва тақдирланади.
Танловда қатнашиш учун аризаларни Давлат туризм қўмитасининг Фарғона шаҳар бўлимида қолдириш мумкин.
Сурат манбаи: https://fr.wikipedia.org/wiki/A%C3%A9roport_de_Ferghana