Ўзбекистонда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги тузилди

Дата: 17:26, 08-11-2017.

Тошкент. 8 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги тузилди. Бир вақтнинг ўзида   “Ўзфармсаноат” давлат акционерлик концерни тугатилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан кўзда тутилган.

Давлат концерни тугатилишининг сабаблари ойдин. Ҳужжатда таъкидланишича, “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни таркибига кирувчи корхоналар умумий сонининг 19%и фаолият юритмаяпти, 30%ининг ишлаб чиқариш фаолияти тайёр маҳсулотни қадоқлаш, ўраш ва ёрлиқ ёпиштириш билан чегараланган. “Ҳозирги вақтда дори ишлаб чиқариш учун импорт қилинаётган хом ашё умумий сонининг 23,4%и тайёр маҳсулот ҳисобланади. “Ўзфармсаноат” концерни корхоналари томонидан рўйхатдан ўтказилган асл дори воситаларининг улуши бор йўғи 1,3%ни ташкил этади”, - дейилади фармонда. 

Фармонда таъкидланишича, янги агентликка фармацевтика тармоғини барқарор ривожлантириш стратегиясини, шу жумладан давлат-хусусий шерикликни жорий этиш йўли билан ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фармацевтика корхоналари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, аҳоли ва давлат соғлиқни сақлаш муассасаларини дори воситалари, тиббиёт буюмлари ҳамда тиббиёт техникалари билан таъминлаш дастурларини амалга ошириш бўйича вазифалар юклатилди. 

 Шу билан бирга, агентлик дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини, шу жумладан чет элдан импорт қилинаётганларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва сертификатлашни, фармацевтика корхоналарини тегишли ишлаб чиқариш амалиёти халқаро қоидаларга мувофиқлигини сертификатлаштиришни амалга оширади. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: