Ўзбекистонда фермер хўжаликларининг қарздорлигини тўлаш муддатлари уч йилга узайтирилди

Дата: 09:40, 05-03-2018.

Тошкент. 5 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг хизмат кўрсатувчи ташкилотлар олдидаги 2018 йил 1 январдаги ҳолатига кўра ҳосил бўлган қарзларини, шу жумладан, ички тармоқ қарздорлиги ҳамда бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзларини тўлаш муддати ҳисобланган пеня ва жарималар ҳисобдан чиқарилган ҳолда 3 йил муддатга узайтирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, 2018 йил 1 мартдан бошлаб республикада ишлаб чиқарувчиларнинг рентабеллиги ошишини ва юқори сифатли маҳсулотлар етиштиришни рағбатлантиришни таъминлайдиган навлар ва класслар бўйича пахта хом ашёси ва бошоқли дон хариди юзасидан кафолатланган давлат нархлари белгиланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонда тупроқ унумдорлиги паст ва охирги 3 йил мобайнида ҳосилдорлик гектарига 15 центнергача бўлган ерларда пахта хом ашёсига давлат буюртмасини жойлаштирмаслик тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Бўшайдиган ерларда қишлоқ хўжалиги экинларини, энг аввало, озуқа ва мойли экинларни жойлаштириш, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, пахта хом ашёси ва бошоқли дон учун узил-кесил ҳисоб-китоблар ҳосил йиғиштириладиган йилнинг охиригача тўлиқ ҳажмда амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга ва автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш учун дизель ёқилғиси ва ЭКО дизель ёқилғисининг Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ягона чакана нархлари 2018 йил охиригача бўлган даврда амал қилади.

Фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос агрегатлари томонидан истеъмол қилинадиган электр энергияси қиймати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда Давлат бюджетидан субсидиялар ҳисобига қопланади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармасини Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига айлантирилади ва уни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тасарруфига берилади.

Пахта толасига жаҳон нархларининг кескин пасайиши эҳтимоли учун пахта толасига прейскурант ва жаҳон нархлари ўртасидаги ижобий тафовут суммаси ҳисобига Жамғарманинг суғурта ҳисоб рақамини шакллантирилади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга минерал ўғитлар сотувчи корхоналар учун 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда ягона солиқ тўлови ставкаси 2 фоиз миқдорда белгилансин.

Тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар томонидан олиб келинадиган фосфорли ўғитлар, шунингдек, фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган фосфорит хом ашё 2021 йил 1 январгача бўлган муддатда божхона тўловларидан озод қилинсин, божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно.

Сурат манбаи: http://www.fergananews.com/articles/8980

Янгилик билан ўртоқлашиш: