Ўзбекистонда фермер ва қишлоқ хўжалик техникасини ишлаб чиқарувчиларни кўргазма доирасида йиғиш режалаштирилмоқда
Тошкент. 21 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда халқаро ихтисослашган “Uzbekistan Agrominitech Expo-2014” ва “Uzbekistan Agrotechmash Expo-2014” кўргазмалари доирасида фермер ва қишлоқ хўжалик техникасини ишлаб чиқарувчиларни бир жойга йиғиш режалаштирилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Кўргазмалар 3 - 6 июн кунлари пойтахтдаги Ўзэкспомарказда бўлиб ўтади ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилишга қаратилган.
Ҳукуматнинг 2014 йил 14 майдаги қарорига биноан қатнашчилар учун кўргазма жойлари бепул берилган, мини-технологиялар ва ихчам ускуналар эса мамлакатга божхона божларисиз (божхона йиғимидан ташқари) олиб кирилади, уларни сотиб олиш эса истисно тарзида тендерларсиз амалга оширилади.
Кўргазмага ҳар бир ҳудуддан 100 атрофида фермерлар келиши кутилмоқда. Уларнинг тадбирга келишини ташкил қилиш вилоят ҳокимиятлари, бирқатор банклар ва муассасаларга юклатилган.
3 июн куни кўргазмага Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари келиши кутилмоқда. 4 июнда эса бу ерга Қашқадарё, Сурхандарё вилоятилик ва Қорақалпоғистонлик меҳмонлар келишади. 5 июнда эса кўргазмага келиш навбати Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари ва 6 июнда Самарқанд, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари фермерлик хўжаликлари ва агрофирмалар вакилларига тегади.


