Ўзбекистонда фермер ва тадбиркорларга ҳисоб рақамларидан нақд валютани ечиб олишга рухсат берилди

Дата: 09:15, 21-09-2017.

Тошкент. 21 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон фермер ва якка тартибдаги тадбиркорларига ўз ҳисоб рақамларидан нақд валютани ечиб олишга рухсат берилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Марказий банк (МБ) хабарига ассоланган ҳолда.

“Ушбу тартиб банк назоратчисининг Тижорат банклари томонидан хорижий валютадаги ҳисобварақларни юритиш Тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритган қарори асосида қабул қилинди”, - деб таъкидлашди МБ матбуот хизматида.

Эслатиб ўтамизки, 5 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда валюта ислоҳотлари бошланган. Юқоридаги санадан бошлаб жисмоний шахслар валютани айирбошлаш шахобчаларида чекловларсиз сотиш ҳуқуқини олдилар. Валютани сотиб олиш тижорат банкларининг конверсион бўлимларида маблағларни халқаро тўлов карталарига ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Ушба карталардан хорижда ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланиш мумкин.

Юридик шахслар банклардан валютани жорий халқаро операциялар бўйича тўловлар: товар, ишлар ва хизматлар импорти, фойдани олиб чиқиб кетиш, хизмат сафарлари харажатларини тўлаб бериш, кредитларни қайтариш ва бошқа савдо характерида бўлмаган тўловларни амалга ошириш учун чекловларсиз сотиб олишлари мумкин.

Конвертация очилганидан кейин биринчи ҳафта ичида аҳоли банкларга $200 млн, юридик шахслар $100 млн атрофида топширдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: