Ўзбекистонда фермерлар учун олмали боғларга ишлов бериш бўйича тренинглар бўлиб ўтади

Дата: 16:44, 02-05-2016.

Тошкент. 2 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда фермерлар учун олмали боғларга ишлов бериш бўйича тренинглар бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Тренингларда Ўзбекистоннинг олти вилоятидан 400дан ортиқ фермерлар, шу жумладан, аёллар ҳам соҳа бўйича билимларини мустаҳкамлаши режалаштирилган. Бу фермерларнинг олмали боғларга ишлов бериш, қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларга доир билимларини ошириб, шу орқали ҳосилдорликни оширишга ёрдам беради”, - деб таъкидлашди БМТТД мамлакатдаги ваколатхонасида. 

Бу такомиллаштиришлар қишлоқ жойларида янги иш ўринлари яратиш, аҳолини доимий даромад билан таъминлаш, турмуш даражасини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда 261,8 минг гектар боғ майдонларидан 120,5 минг гектарини уруғлик мевазорлар ташкил этади. Шунинг 95%и олмазор боғлардир. Бу мамлакатдаги боғларнинг тахминан 44%ини олмазорлар ташкил этади, демакдир.

Бугунги кунда мамлакатда қишлоқ хўжалик экинларини парваришлашнинг ҳосилдорликни 2-3 баравар ошириш имконини берувчи интенсив усулларини жорий этиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Бунда, мисол учун, анъанавий усулда парваришланган мевали дарахтларнинг ҳосилга кириши учун 4-5 йил керак бўлса, интенсив боғдорчиликда дарахтлар иккинчи ва учинчи йилларданоқ мева бера бошлайди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: