Ўзбекистонда фонограммаларга лицензияни давлат агентлиги беради

Дата: 09:27, 06-08-2014.

Тошкент. 6 август. ЎзТАГ – Ўзбекистонда фонограммаларга лицензияни Интеллектуал мулк агентлиги берадиган бўлди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ушбу ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 17 июл куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг баъзи қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзи қарорларнинг ўз кучини йўқотганлиги тўғрисида”ги қарорида акс этган”, - деб хабар қилишди агентликдан.

Хужатга мувофиқ, лицензияга даъвогар томонидан тақдим этиладиган хужжатлар сони қисқатирилган. Эндиликда тузилган шартномаларнинг муаллифлик ва ёндош хуқуқларга доир қонунчиликка мослиги тўғрисидаги хулосаси, шунингдек, лицензияланаётган фаолият тури амалга ошириладиган бино ва хоналарнинг ёнғин хавфсизлиги ва санитария-эпидемиология назорати органларининг хулосалари нусхалари зарур бўлмайди.

Бундан ташқари, кўрсатилган фаолият турлари бўйича лицензия олишга даъвогар хужжатларни лицензия берувчи органга электрон шаклда электрон имзодан фойдаланган ҳолда топшириши мумкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: