Ўзбекистонда фуқароларни ишга жойлаштириш билан жиддий шуғулланилади

Дата: 15:45, 25-05-2017.

Тошкент. 25 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда фуқароларни ишга жойлаштириш билан жиддий шуғулланилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган.

“Ушбу хужжат бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини кучайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича мувофиқлаштирилган самарали ишларни амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини тубдан кучайтириш мақсадларида қабул қилинган”, - дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги этиб қайта ташкил этиш кўзда тутилгани таъкидлаб ўтилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва тузилмаларининг устувор вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланган.

“Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилсин, унинг асосий вазифаси вақтинчалик банд бўлмаган аҳолининг йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда, йўл ва уй-жой коммунал инфратузилмаси объектларини қуришда, таъмирлаш ва реконструкция қилишда, шаҳар ва туманларни ободонлаштиришда, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида иштирок этишини молиялаштириш ҳисобланади”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, республиканинг тегишли вазирлик ва муассасаларига Вазирлар Маҳкамасига ташқи меҳнат миграцияси тизими ишини ташкил этиш ва Ташқи миграция агентлиги фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш топширилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: