Ўзбекистонда гемодиализ соҳасига ДХШ асосида хусусий тармоқ киритилади

Дата: 14:56, 13-07-2018.

Тошкент. 13 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда гемодиализ соҳасига давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида хусусий тармоқ киритилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон президентининг 12 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда дастурий гемодиализ кўрсатиш соҳасида давлат-хусусий шериклик ва аутсорсингни жорий этиш, шунингдек, хусусий секторни ривожлантириш бўйича амалий ҳаракатларни назарда тутувчи “Йўл харитаси” тасдиқланишини таъминласин”, - дейилади ҳужжат матнида.

Шунингдек, “Йўл харитаси” асосида давлат-хусусий шериклик асосида гемодиализ хизматлари кўрсатувчи тиббиёт муассасаларини қуриш, жиҳозлаш ва улардан фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган таклифларни жорий этиш, гемодиализ аппаратлари ва сарфлаш материаллари етказиб беришга зарур рухсатномалар беришнинг, хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан гемодиализ хизматлари кўрсатишнинг амалдаги тизимини тубдан соддалаштириш бўйича зарур чоралар кўриш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, гемодиализ хизматлари кўрсатиш тартибини, уни амалга ошириш усулларини тартибга солишни, шунингдек, ушбу соҳада давлат-хусусий шериклик шартномаларини тузиш, ижро этиш ва тугатишни назарда тутувчи гемодиализ хизматлари кўрсатиш соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги вақтинчалик низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳам режалаштирилган.

Сурат манбаи: http://like-news.moscow/moskva-chempion-po-gchp/

Янгилик билан ўртоқлашиш: