Ўзбекистонда Германиялик жаз хонандасининг концертлари ўтказилади

Дата: 17:07, 23-05-2016.

Тошкент. 23 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Германиялик жаз хонандаси Пэт Эпплтоннинг ўзбек мусиқачилари билан биргаликдаги концертлари бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбир ГФРнинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва Ўзбекистон Давлат консерваторияси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Элчихонадан хабар қилишларича, концертлар 23 май куни Тошкентдаги Ўзбекистон Давлат консерваториясида, 24 май куни Жиззах шаҳар 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ва 26 май куни Навоий шаҳар маданият ва санъат коллежида бўлиб ўтади. Бундан ташқари Пэт ушбу ўқув даргоҳларида қўшиқчиликдан маҳорат дарслари ҳам ўтказади.

Маълумот ўрнида, Пэт (Патриция) Эпплтон немис миллатига мансуб аёл ва либериялик эркак оиласида дунёга келган. Университетда сиёсатшунослик йўналиши бўйича таҳсил олаётган вақтида у қўшиқчи сифатида ишлай бошлаган ва тез орада ўзига сиёсат жарчиси бўлишдан кўра мусиқа элчиси бўлиш кўпроқ мос келишини англаб етган. Қўшиқчилик бўйича таълим олганидан кейин у “De Phazz” мусиқий жамоасига қўшилади ва “Jazzkantine” жаз гуруҳи, “Nighthawks” ёки “Bahama Soul Club” каби гуруҳлар билан биргаликда муваффақиятли чиқишлар қилади.

Бугунги кунда Берлин шаҳрида яшаётган Пэт “замонавий немис жазининг энг сара овозларидан бири” саналади ва “De-Phazz” гуруҳи билан бирга бутун дунё бўйлаб концерт сафарларига чиқади.

Концертлар давомида Пэт Эпплтонга Қосимжон Назаров (қашқар рубоби), Нодира Мелибоева (чанг), Рамил Исанбаев (бас-гитара) ва Зиёдулла Абдуллаев (зарбли чолғулар) каби ўзбек мусиқачилари ҳамроҳлик қиладилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: