Ўзбекистонда “Голос. Дети” телелойиҳасининг муқобили яратилади

Дата: 16:36, 12-04-2016.

Тошкент. 12 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “Юлдузча”  болалар мусиқий  телевизион лойиҳаси тайёрланмоқда. Бу ҳақида ташкилоотчилар Sputnik мухбирига маълум қилганлар.

Янги телелойиҳа уч миллий телеканалда намойиш этилади. Премьера “Ёшлар” канали эфирида кетса, “Болажон” ва “Наво” телеканалларида кўрсатув такрор кўрсатилади.

“Танловимизда 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар иштирок этишлари мумкин. Лойиҳада иштирок этиш истагида бўлган болалар ўз ҳужжатларини (иштирокчи анкетаси) жорий йилнинг 20 майига қадар “Ёшлар ижод саройида” жойлашган Ёшлар ташаббуслари марказига топширишлари ёки www.ovoz.uz  сайтида электрон тарзда тўлдиришлари шарт. Шунингдек, номзод ўз қўшиқлари ёзувини ҳам топшириш зарур”, - деб таъкидлади Ёшлар ташаббуслари маркази вакили.

Танлов бир неча босқичлардан иборат бўлади. Булар саралаш босқичи, асосий танлов босқичи, ярим финал ва финал гала-концерти. Кастингни апрел охирида бошлаш режалаштирилган.

Танловнинг ҳакамлар ҳайъати ҳамда мураббийлари жамоатчилик орасида катта обрўга эга бўлган санъат ва маданият арбоблари, эстраданинг ёрқин юлдузларидан ташкил этилади. Ҳар бир йўналиш учун алоҳида жюри сайланади.

Айни пайтда лойиҳа нафақат шоу-томоша, балки иштирокчилар учун маҳорат мактаби ҳам бўлади. Масалан, маҳаллий хонандалар иштирокида кўплаб маҳорат дарслари ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, конкурсантлар билан саҳна санъати, вокал, пластика, актерлик ўйини ва хореография бўйича педагоглар ишлайдилар. Ҳар бир иштирокчига устоз бириктирилади.

Лойиҳа иштирокчилари таклиф этилган юлдуз билан бирга чиқиш қиладилар.

Конкурс якунлари бўйича уч номинацияда ғолиблар, шунингдек “Томошабинлар олқиши соврини”ни олган иштирокчи аниқланади сўнгги соврин ғолиби томошабинлар SMS-овозлари ёрдамида аниқланади. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: