Ўзбекистонда гуруч етиштириш учун ажратилган майдонларни кескин қисқартириш бўйича чоралар кўрилади

Дата: 14:10, 30-05-2018.

Тошкент. 30 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда гуруч етиштириш учун ажратилган майдонларни кескин қисқартириш бўйича чоралар кўрилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, бу режалар 29 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида экспорт-импорт, маҳаллий бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш, қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим тадбирларни самарали ўтказиш билан боғлиқ бугунги кунда ғоят долзарб бўлиб турган масалаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида очиқланди.

“Шу мақсадда шоли экиладиган майдонларни 162 минг гектардан 94 минг гектарга қисқартириш, сув таъминотида муаммо бўлмаган Сирдарё вилоятида 7,5 минг гектар ерни Хоразм вилояти фермерларига, Жиззах вилоятида 5,5 минг гектар ерни Қорақалпоғистон фермерларига такрорий экин сифатида шоли экиш учун бериш зарурлиги қайд этилди”, - дейилади Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг хабарида.

Шунингдек, сув танқислиги кутилаётган Қашқадарё вилоятида такрорий экин майдонлари 30 минг гектарга, Самарқанд вилоятида 42 минг гектарга, Бухоро вилоятида 20 минг гектарга, Навоий вилоятида 14 минг гектарга ва Қорақалпоғистонда 10 минг гектарга камайтирилиши маълум қилинди. Ушбу ҳудудларда сувни кам талаб этадиган мош, ловия ва бошқа озуқабоп экинлар экиш, уларни сув манбаларига яқин ер майдонларига жойлаштириш кераклигига эътибор қаратилди.

Ана шу ишларни ўз вақтида, самарали ташкил этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.

Сурат манбаи: https://www.ozodlik.org/a/27153261.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: