Ўзбекистонда Heart and Soul радиодастури учун ярим соатлик эшиттириш олинди

Дата: 17:02, 29-05-2018.

Тошкент. 29 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Heart and Soul радиодастури учун ярим соатлик эшиттириш, шунингдек, Our World теледастури доирасида ярим соатлик ҳужжатли фильм олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Суратга олиш ишлари Ўзбекистон Республикасининг Лондондаги элчихонаси ва Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида амалга оширилди.

“Дастурлар зиёрат туризмига, шунингдек, Ўзбекистоннинг маънавий ва маданий меросига бағишланган. Британиялик журналистлар Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлишиб, “Ипак ва зираворлар” фестивалида иштирок этишди”, - дейилади Давлат Туризм қўмитаси матбуот хизматининг хабарида.

Шунингдек, муассаса раисининг ўринбосари Абдулазиз Акулов ВВС журналистларига туризм соҳасидаги ўзгаришлар ва сайёҳлар учун виза олишни осонлаштирувчи ислоҳотлар ҳақида интервью берди. Туризм қўмитасининг ходимлари томонидан журналистлар учун Минор масжидида ва Тошкент шаҳридаги Tashkent city мажмуасига экскурсия уюштирилди.

Эслатиб ўтамизки, Heart and Soul дастури ВВС Бутунжаҳон хизмати радиостанциялари таркибига киради. Унинг аудиторияси 1,5 млн тингловчини қамраб олиб, ВВС iPlayer онлайн портали орқали эфирга узатилади. Heart and Soul дунёнинг турли мамлакатларидаги одамларнинг маънавий ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.

Our World теледастури ВВС Бутунжаҳон хизмати телеканалларининг эфир тармоғига кириб, унинг аудиторияси 370 млндан ошади.

 

Сурат манбаи: http://crmk.co.uk/heart-and-soul/

Янгилик билан ўртоқлашиш: