Ўзбекистонда ICTWEEK Uzbekistan-2016 тадбири бўлиб ўтади

Дата: 17:58, 07-09-2016.

Тошкент. 7 сентябр. ЎзТАГ – 19-23 сентябр кунлари Ўзбекистонда ICTWEEK Uzbekistan-2016 ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги бўлиб ўтиб,  ихтисослаштирилган тадбирларни ўзида бирлаштиради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“АКТ ҳафталигини ўтказишдан кўзланган мақсад АКТ соҳасида сўнгги бир йил ичида эришилган амалий натижаларни таҳлил қилиш, афзалликларни ўрганиб, имконият ва истиқболларни чамалаб, фаолиятнинг турли соҳаларида АКТни жорий этиш юзасидан илғор тенденцияларни амалга татбиқ этиш, миллий ва халқаро ютуқларни уйғунлаштириш, асосий урғу қаратилган «электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштиришда жаҳондаги илғор давлатлар тажрибасини ўзлаштиришдан иборат”, - деб таъкидлашди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида.

ICTWEEK Uzbekistan-2016 ҳафталигини ICT Summit-2016 – ахборот-коммуникация технологиялари саммити бошлаб беради. Саммит 20 сентябр куни Халқаро бизнес марказида умумий йиғилиш форматида ташкил этилади. ICT Summit-2016 да давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг масъул раҳбарлари, маҳаллий ва халқаро экспертлар, ахборот технологиялари компаниялари вакиллари, таҳлилчилар иштирок этади.

Бундан ташқари, ICTWEEK Uzbekistan-2016 доирасида ICTExpo-2016 халқаро АКТ маҳсулотлари кўргазмаси 21-23 сентябр кунлари бир вақтнинг ўзида Тошкент (21-23 сентябр) ҳамда Наманган (21-22 сентябр) шаҳарларида ташкил этилади. Кўргазмани бир вақтнинг ўзида икки шаҳарда ўтказишдан кўзланган мақсад Ўзбекистонда АКТдан фойдаланиш, хизмат ва маҳсулотларга бўлган талаб ва эҳтиёж даражасининг ҳудудларда ҳам жадал ўсиб бораётганини кўрсатишдан иборат.

ICTEXPO-2016 стендларида ахборот технологиялари борида тақдим этилнган замонавий технология ва ечимлар тақдим этилади. Кўргазмада қатор маҳаллий ва хорижий компаниялар иштирок этилиши кутилмоқда.

Ҳафталикнинг яна бир муҳим воқеаси – Internet Forum-2016да миллий ва халқаро интернет маҳсулотлари ҳамда ишланмалари соҳасида эришилган ютуқ ва натижалар муҳокама қилинади. Форум 21-22 сентябр кунлари Халқаро бизнес марказида бўлим ва секцияларга, маҳорат дарслари ва муҳокама доираларига бўлинган шаклда ташкил этилади.

Форум доирасида фаол ёш дастурчиларини қўллаб-қувватлашга қаратилган Best Soft Challenge, Intellec2all ҳамда Ўзбекистонда ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳаси мутахассислари ўртасида илк маротаба ўтказилган Cyber Security Challenge танловлари ғолибларини тақдирлаш маросимлари, “Стартап-конференция” тадбирлари ҳам бўлиб ўтади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: