Ўзбекистонда ИИВ тизими тубдан ислоҳ қилинади

Дата: 13:35, 11-04-2017.

Тошкент. 11 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ички ишлар вазирлиги (ИИВ) тизими тубдан ислоҳ қилинади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.

Хусусан, ИИВ тизимида Жиноят қидирув бош бошқармаси, Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси, Эксперт-криминалистика бош маркази, Молия ва моддий-техника таъминоти бош бошқармаси, Халқаро ҳамкорлик бошқармаси ташкил этилади.

Шунингдек, Тергов бош бошқармасини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментига, Шахсий таркиб билан ишлаш хизматини Кадрлар бош бошқармасига, Ташкилий-инспекторлик бошқармасини Ташкилий-инспекторлик ва ахборот-таҳлил бош бошқармасига, Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасини Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига ўзгартириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти Ҳарбий-техника институтига, Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби Ёнғин хавфсизлиги институтига, Сержантлар таркибини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказлари ички ишлар органлари ходимларини бошланғич тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказларига ўзгартирилади.

Шу билан бирга, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиғи лавозими жорий этилсин ва у профилактика инспекторлари ишини, авваламбор, вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш учун жавобгар бўлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: