Ўзбекистонда ихтисослашган китоб дўконлари учун бинолар ижарасини соддалаштириш режалаштирилмоқда
Тошкент. 13 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда вилоят ва туманларнинг гавжум жойларидаги бинолар ижарасини ихтисослашган китоб дўконлари учун соддалаштириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича махсус дастурни тузиш тўғрисидаги фармойиши билан кўзда тутилган.
Хужжатни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов бошчилигида махсус ишчи гуруҳ ташкил қилинди.
“Ишчи гуруҳ бир ой ичида аҳоли, айниқса, ёшлар орасида бадиий жиҳатдан юксак, интеллектуал савияни ўстиришга хизмат қиладиган китобларга бўлган талабни ўрганиши, китобларни чоп этиш ҳамда аҳолига етказиб беришни ўз ичига олган бошқарув тизимининг, шунингдек, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ва ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини чет тилларига таржима қилиш ишларининг танқидий таҳлилини амалга ошириши зарур”, - дейилади хужжатда.
Ушбу асосда китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштиришнинг тегишли комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, сотув айланмасида китоб улушининг ҳажми 70%дан кўп бўлган тадбиркорлик субъектларини алоҳида статистик ҳисобга олиш ва уларга тегишли солиқ имтиёзлари жорий этилади.
Янги дастур ҳукумат кўриб чиқиши учун 2017 йил мартда тақдим этилаи.