Ўзбекистонда ихтисослашган лизинг компанияси яратилади
Дата: 16:17, 23-06-2014.
Тошкент. 23 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Республика ихтисослашган лизинг компанияси ташкил этилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Norma.uz сайтида жойлаштирилган маълумотга асосланган ҳолда.
“Қурилишмашлизинг” Республика ихтисослашган лизинг компанияси акционерлик жамияти шаклида ташкил этилиб, Молия вазирлиги, ТИФ Миллий банки, “Асакабанк”, “Узпромстройбанк” банклари, шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК, “Ўзбекнефтегаз” МХК, “Ўзбекэнерго” ДАК ва бошқалар унинг таъсисчилари бўладилар.
Хужжат билан “Қурилишмашлизинг” Республика ихтисослашган лизинг компаниясининг асосий вазифалари ва таркиби ҳам тасдиқланган. Компаниянинг асосий вазифаларига ўз маблағлари ва бошқа молиявий манбалар ҳисобига қурилиш техникалари сотиб олиш учун маҳаллий ва хорижий корхоналарда буюртмалар жойлаштириш, қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрига киритилган қурилиш ташкилотларига қурилиш техникаларини лизингга бериш, бу мақсадлар учун хорижий банклар ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг кредит линияларини жалб қилиш кабилар киради.
Ушбу мақсадларда компания 2018 йилнинг 31 декабригача импорт қилинаётган қурилиш техникаси, ускуналар, машина ва механизмлар, кичик механизация воситалари, эҳтиёт ва бутловчи қисмларни олиб келишда божхона божлари тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилинмоқда, деб ёзади нашр.