Ўзбекистонда иккинчи кремний заводи ишга тушди

Дата: 13:49, 23-07-2014.

     Тошкент. 23 июл. КазТАГ – Uz-Shindong Silicon ҚК “Ангрен” махсус саноат ҳудудида техник кремний ишлаб чиқариш заводини ишга туширди, дея хабар беради Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ) Ўзбекистон Иқтисодиёт ва Давлат статистика қўмитасига асосланган ҳолда.
     Заводнинг лойиҳа қуввати йилига 6 минг тонна техник кремнийни ташкил қилади. Ушбу завод учун хом-ашё Жиззахдаги кварц конидан олиб келинади. Завод 2013 йилнинг баҳорида ишга тушиши керак эди, лекин ушбу муддат бир неча маротаба кейинга сурилди. Қиймати $10 млн бўлган лойиҳа ҚК таъсисчиларининг тўғридан-тўғри инвестициялари ҳисобига амалга оширилмоқда.
     Uz-Shindong Silicon ҚК таъсисчилари тенг улушларда Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, кореянинг Shindong Enercom Inc компанияси, “Ўзметкомбинат” ОАЖ ва “Solartech” (Shindongнинг шўъба корхонаси) ҳисобланади.
     2012 йилнинг августида Uz-Kor Silicon ўзбек-корейс ҚК МЧЖ Навоий вилоятида техник кремнийни ишлаб чиқариш мажмуини ишга туширган эди. Ушбу корхона мамлакатдаги кремний ишлаб чиқарувчи биринчи корхона бўлди. Лойиҳа доирасида йилига 39 минг тонна кварц тоши ва 12 минг тонна техник кремний ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
     Қиймати $20,5 млн бўлган лойиҳани молиялаштириш ҚК таъсисчиларининг $13,9 млн маблағи ва $6,6 млнлик кредит ҳисобига амалга оширилди. ҚК таъсисчилари Жанубий Кореянинг Neoplant (50%), Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва “Навоиазот” ОАЖ ҳисобланади (25%).

Янгилик билан ўртоқлашиш: