Ўзбекистонда иккита City ва инновацион ёндашувлар асосидаги шаҳар қурилади

Дата: 15:57, 01-12-2017.

Тошкент. 1 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда иккита City ва инновацион ёндашувлар асосидаги шаҳар қурилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Тошкент шаҳрининг Ислом Каримов, Фурқат, Навоий ва Олмазор кўчалари оралиғидаги ҳудудда “Tashkent City” замонавий халқаро ишбилармонлик маркази барпо этилмоқда. Мазкур марказда энг замонавий лойиҳалар ва ўзига хос архитектура ечимлари асосида уй-жойлар, офислар, бизнес марказлари, кўнгилочар ва дам олиш мажмуалари, миллий ва замонавий услубдаги инфратузилма объектлари ва бошқа иншоотлар қад ростлайди. Худди шу каби концепция асосида Самарқанд шаҳрида ҳам “Самарқанд-сити” маркази қурилмоқда”, - дейилади Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг давлат раҳбари архитектура ва қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари юзасидан Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раҳбарларининг ҳисоботини тинглаган йиғилишдан келтирган хабарида.

Шунингдек, деб таъкидланади шундан кейин, Тошкент вилоятининг маъмурий маркази – Нурафшон шаҳрини мутлақо янгича ёндашув асосида ва илғор хорижий меъморчилик ютуқларини қўллаган ҳолда барпо этиш белгиланган. “Ушбу шаҳарнинг бош режаси халқаро миқёсдаги хорижий архитекторлик компанияси томонидан ишлаб чиқилмоқда”, - дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: