Ўзбекистонда илк маротаба Халқаро ёшлар саммити бўлиб ўтди

Дата: 11:44, 29-03-2016.

Тошкент. 29 март. ЎзТАГ – Тошкентда уч кунлик Халқаро ёшлар саммити ўз ишини якунлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бу каби кўламли тадбир Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилмоқда. Унда ўнлаб мамлакатлардан 300 ўғил-қизлар, 50 кўнгилли, 50 тренерлар, 1 мингдан зиёд ташриф буюрувчилар иштирок этдилар. Саммит “Буюк келажакнинг буюк мероси” шиори остида ўтказилди. Тадбирдан кўзланган мақсад миллий, маданий ва тарихий қадриятларни тарғиб қилиш, шунингдек, турли соҳаларда мустақиллик йилларидаги ютуқлар билан танишишдан иборат”, - деб таъкидлашди тадбир ташкилий қўмитасида.

Талантли ва ташаббускор Ёшлар ижодиёти саройида тўпланди. Саммит доирасида бу ерда маърузалар, тренинг-семинарлар бўлиб ўтди. Иштирокчилар “Миллий туризмнинг аҳамияти”, “Соғлом оила – соғлом жамият кафолати”, “Кийиниш ва муомала маданияти қанчалар муҳим?”, “Иқтисодий тараққиётнинг ўзбек модели”, “Атроф-муҳитни асраш – ёшлар нигоҳида” каби мавзу гуруҳларига бўлинди.

Саммитнинг якуний кунида иштирокчиларни тақдирлаш маросими, шунингдек, ўзбек эстрадаси юлдузлари иштирокида катта концерт ўтказилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: