Ўзбекистонда илк марта олтинвалюта заҳиралари ҳажми очиқланди

Дата: 17:30, 15-11-2017.

Тошкент. 15 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда илк марта олтинвалюта заҳиралари ҳажми очиқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) маҳаллий ОАВга асосланган ҳолда.

Бугун, 15 ноябрда Марказий банк раисининг ўринбосари Тимур Ишметовнинг Халқаро пресс-клуб (ХПК) йиғилишида маълум қилишича, куз бошидан бери заҳиралар

$750 млнга кўпайган ва 2017 йил 1 ноябрга келиб $26 млрдни ташкил этган

“Одатда биз бу маълумотни эълон қилмас эдик ва у сир ҳисобланар эди. Яқинда давлат раҳбари қатор иқтисодий маълумотларни очиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.1 январдан бошлаб ҳар бир муассаса, жумладан Марказий банк ҳам олтинвалюта заҳиралари, пул массаси кўрсаткичлари ва бошқа иқтисодий кўрсаткичларни расман эълон қилади. Ва мана бугун биз илк марта олтинвалюта заҳиралари суммасини эълон қилдик”, - деб иқтибос келтиради Ишметовдан Газета.uz.

Халқаро валюта фонди маълумотларига кўра, 2017 йил майда Қозоғистоннинг олтинвалюта заҳиралари $29,797 млрдни, Туркманистоннинг олтинвалюта заҳиралари $23 млрдни (тахминан) ташкил қилган. ХВФ рўйхатига кўра, дунёда бу кўрсаткич бўйича биринчи учталикни Хитой ($3 трлн 344,716 млрд), Япония ($1 трлн 318,333 млрд) ва Швейцария ($765,050 млрд) эгаллаб турибди.

 

Янгилик билан ўртоқлашиш: