Ўзбекистонда илк марта савдо маркази биноси 11,4 метрга силжитилди

Дата: 16:34, 20-08-2014.

Тошкент. 20 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон тарихида илк матотаба Андижонда 1,5 минг тонналик савдо маркази жойидан силжитилди, деб хабар қилади “Биржа” газетаси.

“Табиат инъомлари” савдо маркази 1983 йилда фойдаланишга топширилган. Қурувчилар негадир бинони йўлга жуда яқин жойга солганлар. 15 йилдан кейин бино тадбиркорлар Абдусалом ва Халимжон Дадажоновлар томонидан хусусийлаштирилиб, бу ерда “Xilol” савдо маркази очилган.

Унинг катталиги 24х18 метрга, баландлиги – 9,5 метрга тенг.

Темир йўл вокзали кўчасидан Бўстон массивига қадар бўлган кўчани реконструкция қилиш бошланганда “Xilol” ҳалақиб бериб, уни бузиб ташлаш ҳақида қарор қабул қилинди.

Лекин кейинчалик савдо марказини йўлдан четроққа силжитишга келишилди.

2011 йилнинг сентябрида ишчилар бино фундаменти атрофини кавлаб, шахталарга релслар ётқиздилар, роликли аравачалар ўрнатдилар, бинони трослар билан ўраб чиқдилар. Ва 2012 йил 24 апрелда силжитиш операциясини бошладилар.

15 майда вилоят бош архитектори Кўчқор Нурматов 11,4 метрга силжитилган бинони кўздан кечириб, уни бузиб ташлашга бошқа зарурият йўқлигини маълум қилди.

Бинони силжитиш ишлари 75 млн сўмга тушди, бу бино умумий баҳосининг 30% тенг.

Эслатиб ўтамизки, тарихдаги биринчи бинони силжитиш ишлари 1455 йилга бориб тақалади. Ўшанда меъмор Аристотель Фьораванти Санта-Мария Мажорне черкови қўнғироқхонасини 10 метрга силжитган эди. Москвада бу иш 1936 йилда амалга оширилган. Ишларни архитектор Эммануэль Гендель бошқарган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: