Ўзбекистонда илк марта UnionPay International тўлов карталари ишлай бошлади

Дата: 13:48, 08-01-2018.

Тошкент. 8 январ. ЎзТАГ – “Қишлоқ қурилиш банк”нинг савдо ва хизмат кўрсатиш шаҳобчаларига ўрнатилган терминалларида бир вақтнинг ўзида UZCARD ва UnionPay International халқаро тўлов тизими карточкаларини қабул қилиш имконияти пайдо бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Банк хабарига кўра, бу Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўла мос бўлиб, мамлакатга келаётган сайёҳлар оқимининг янада ўсишига хизмат қилади.

2017 йил охиридан бошлаб сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган вилоятлар, жумладан, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги савдо ва хизмат кўрсатиш шаҳобчаларида жойлаштирилган терминалларни ушбу хизматга улаш ишлари бошлаб юборилди. Бу хизматнинг жорий этилиши хорижлик меҳмонларга қўшимча қулайликлар яратади.

Шу орқали, UnionРay International халқаро тўлов тизими пластик карточкаларига эга хорижлик сайёҳ UZCARD терминаллари орқали юртимизда худди ўз ватанидагидек эркин ва ҳеч қандай чекловларсиз тўловларни амалга ошириши мумкин.

Эслатиб ўтамизки, Unionpay International (UPI) пластик карталарини UZCARD терминаллари орқали қабул қилиш лойиҳаси Республика Ягона процессинг маркази билан биргаликда амалга оширилган.

Сурат манбаи: http://finansoviyblog.ru/karty/kobeydzhingovaya-karta.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: