Ўзбекистонда илк марта жигар кўчириб ўтказилди

Дата: 16:30, 15-02-2018.

Тошкент. 15 феврал. ЎзТАГ – 13 февралда Ўзбекистон тиббиёти тарихида илк марта беморга қариндош-донор жигарининг бир қисмини кўчириб ўтказиш бўйича операция ўтказилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Мамлакат Соғлиқни-сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, операция кадемик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия марказида амалга оширилди.

Операция маркази директори, академик Феруз Назиров ва Россиянинг Академик В.И.Шумаков номли Трансплантология ва сунъий аъзолар Миллий тиббий тадқиқот маркази директори, академик Сергей Готье раҳбарлигида ўтди.

Паркентлик 26 ёшли бемор Убайдулла Дадахўжаев узоқ йиллардан буён жигар циррози хасталигидан азият чекарди. Унинг аҳволи кундан-кунга ёмонлашиб борар ва дори-дармонлар билан даволаш деярли имконсиз эди.

Беморга унинг акаси 30 ёшли Ҳаёт Дадахўжаев донорлик қилди. Жараёнда 21 нафар шифокор, 10 нафар ўрта тиббиёт ходимлари иштирок этишди.

Ф.Назировнинг сўзларига кўра, амалиётга катта тайёргарлик кўрилган бўлиб, марказнинг техник имкониятлари яхшиланиб, мутахассисларимиз АҚШ, Франция, Жанубий Корея, Туркия, Швейцария ва Россия Федерацияси каби давлатларда айни шу соҳа бўйича малака ошириб қайтишди. Аввало донор ва реципиент (бемор) ушбу амалиётга 3 ой давомида тайёрланди. Трансплантацияга кўрсатма ва қарши кўрсатмалар тўлиқ ўрганилди ва амалиётни ўтказиш бўйича якуний қарор қабул қилинди. Операция жараёни қарийб 15 соат давом этди.

Белгиланган тартибга кўра, трансплантациядан кейин донор ва реципиент камида уч йил давомида профилактик диспансер кўриги билан таъминланади. Ҳудуддаги оилавий поликлиникада ҳам уларга алоҳида кўриклар ташкил этилиб, доимий патронаж назоратига олинади. Бундан ташқари, қонунчиликда белгиланган тартибда улар тегишли дори воситалари билан ҳам таъминланади.

Айни дамда ушбу фаолият Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 октябрдаги “Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида” ги қарори билан тартибга солинган.

Эслатиб ўтамизки, ўтган йилдан бошлаб Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия марказида яқин қариндошлар ўртасида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинмоқда.

Сурат манбаи: http://doctorsemash.com/liver-transplantation/

Янгилик билан ўртоқлашиш: