Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозоридаги ҳуқуқбузарликлар учун ишларни кўриб чиқиш тартиби ўзгартирилди

Дата: 17:18, 26-05-2014.

Тошкент. 26 май. ЎзТАГ - Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозоридаги ҳуқуқбузарликлар учун ишларни кўриб чиқиш тартиби ўзгартирилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш марказининг ушбу буйруғи Norma.uz сайтида жойлаштирилган.
Ўзгартишларга мувофиқ, қимматли қоғозлар бозоридаги ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ишни муомилага олиш тўғрисидаги қарорнинг нусхаси 3 кунлик муддат ичида нафақат буюртмали хат орқали жўнатилиши ёки жавобгарликка тортилаётган шахсга тилхат олган ҳолда топширилиши, балки электрон почта орқали ҳам жўнатилиши мумкин. Бунда ушбу усул билан нафақат жавобгарликка тортилаётган шахслар, балки ишда қатнашаётган кишилар ҳам хабардор қилиниши мумкин.
Бундан ташқари, ишни қабул қилиб олиш муддати уч ойдан икки ойга қадар қисқартирилди.
Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари кўрилган чоралардан норози бўлган ҳолатларда қарор устидан нафақат юқори турувчи органларга, балки судга ҳам шикоят қилишлари мумкин. Айни пайтда судга мурожаат даврида кўрилган чорани қўллаш тўхтатиб турилади, дейилади хужжатда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: